Ўзбекистон иқтисодий комплексидаги 297 нафар раҳбар маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш бўйича ишларда сусткашлик ва масъулиятсизликка йўл қўйгани учун ишдан олинди. «Маҳаллага тушиб, одамларимиз ва тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган раҳбар ишламайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент эҳтиёжманд аҳолини битта ижтимоий уй-жойга жойлаштиришдан воз кечилишини маълум қилди. Шавкат Мирзиёев ҳозирда 400 та кўп қаватли ижтимоий уйда 25 минг аҳоли яшаётгани, лекин улар яқин қариндошлари ва одатий яшаш шароитидан анча узоқлашиб қолаётганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев камбағал оилалардаги ўзи ҳаракатлана олмайдиган одамларнинг 19 мингига уйида ва 4 мингига кундузги қатнов асосида қараб туриш йўлга қўйилишини маълум қилди. Бунда хусусий сектор иштирок этади ва у хизмат кўрсатган камбағал оилалар харажатининг 80 фоизини давлат қоплаб беради.
Шавкат Мирзиёев кластер ва фермерларга етказиб берилаётган ҳар бир куб метр сувга республика бўйича ўртача 212 сўм харажат қилинаётганини таъкидлади. Бухоро, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида эса бу кўрсаткич 2−3 баробар юқори. Тўртта вилоятда насослар янгиланмагани учун сув таннархи ошиб кетмоқда.
Президент мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан биргаликда 25 турдаги озиқ-овқатни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни бошлаш топшириғини берди. Бу корхоналарда халқаро стандартлар жорий этилади, уларга хориждан малакали технолог ва маркетологлар жалб қилинади.
Президент экологияга зарарли таъсирни камайтирувчи технологияларни жорий қилиш ўрнига мутасаддилар яна 22 та цемент заводи қуриш таклифини бераётгани ажабланарли экани ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда цементга йиллик эҳтиёжни ортиғи билан қоплай оладиган ишлаб чиқариш қувватлари бор.
Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни жорий этишда янгича молиялаштириш тизимига ўтилиб, кластер ва фермерларга бу учун 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йилга 14 фоизли кредит ажратилади. Банк ва таъминотчилар билан шартнома имзолаш учун очиқ электрон платформа ишга туширилади.
Президент сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича йиғилишда бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади. Сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиёт йилига 5 млрд доллар даромадни бой бераётгани сабаб сув хўжалигида «каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил» эълон қилинди.
Президент видеоселектор йиғилишида Қашқадарё вилоятида 2023 йилда 207 мингта иш ўрни яратиш вазифасини қўйди. Жумладан, саноатда 960 та лойиҳани амалга ошириб, 20 минг нафар аҳолини банд қилиш мумкинлиги айтилди.
Президент 2023 йилдан маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина «Ташаббусли бюджет» орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилишини айтди. «Бунда „Ташаббусли бюджет“ лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 трлн сўмга етказилади», — деди у.
Президент видеоселектор йиғилишида «Ташаббусли бюджет» лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлигини айтди. Шунингдек, бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 млрд сўм ажратишга кўрсатма берди.
Ўзбекистон туризм магистрали бўйлаб 31 та туман (шаҳар) ҳудудидан ўтувчи йўл бўйида комплекс туризм хизматларини (автотураргоҳ, кемпинг, автосервис, овқатланиш, ёқилғи қуйиш) қамраб олган 1 тадан «карвонсарой» барпо этилади. Шунингдек, ҳудудларда туризм кластерлари ташкил этилади.
2021 йилда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, унда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган. Авариялар оқибатида 2,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, шундан 263 нафар ёш бола ҳисобланади. Президент видеоселекторда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙХҲБ бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берди.
Шавкат Мирзиёев Молия вазирлигига 2022 йилда «Соғлом турмуш тарзи» платформасини (1hls.uz) янада оммалаштириш учун қўшимча 60 млрд сўм ажратиш бўйича топшириқ берди. Маълумотларга кўра, мазкур платформадан фойдаланувчилар бугунги кунда 600 минг нафарга етди, уларга пиёда юргани учун 18 млрд сўм тўлаб берилди.
Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинди.
Президент иштирокидаги видеоселекторда цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинди. Шунингдек, цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилиши қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев сайловдан кейинги биринчи мажлисда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар ва кластерлар фаолиятидаги муаммоларни муҳокама қилди. Пахта-тўқимачилик кластерлари янада кўпроқ имтиёзли кредитлар, давлат грантлари, мустақиллик ва бошқалар берилади.
Шавкат Мирзиёев 2 мингдан ортиқ мактабнинг бирорта ўқувчиси «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида иштирок этмаганини танқид қилди. Шунингдек, 1 октябрдан бошлаб барча ҳудудларда 14 та IT-техникум фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди.
Президент топшириғига кўра, дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилади ва жавобгарлик кескин кучайтирилади. Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида экология полицияси ташкил этилиши маълум қилинди.
Президент топшириғи билан ҳар бир ҳудудда «Яшил замин» жамғармалари ташкил этилади. Вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида жамғарма маблағлари ҳисобидан камида 5 млн туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш топшириғи берилди. Ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида 2 тадан «яшил майдон» ва жамоат парклари ташкил этилиши айтилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг